Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

Дунёда танлаб олинадиган минераллар бўйича янги давр бошланди ва шубҳасиз, Ўзбекистон ҳам бу жараёнлар марказида бўлишга интилаётир.

Ўтган йили мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаганди. Энди эса яна бир катта қадам ташланди — Ўзбекистон Технологик металлар комбинати (ТМК) Европа муҳим хомашё альянси (ERMA)га расман аъзо бўлди. Бу Ўзбекистоннинг глобал бозордаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

ERMA нима?

Европа муҳим хомашё альянси (ERMA) — Европа саноатининг ресурс сиёсатида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган энг муҳим платформалардан бири. У Европа саноати учун литий, вольфрам, молибден ва ноёб ер элементларини хавфсиз ва барқарор манбалардан етказиб беришни таъминлайди. Бу альянс Европанинг яшил технологиялар ва келажак энергетикасига ўтиш жараёнида стратегик аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз учун ушбу альянснинг аҳамияти қандай?

  1. Европа Иттифоқи билан институционал мулоқотни янада мустаҳкамлаш — айниқса, хомашёни чуқур қайта ишлаш, сифат стандартларини жорий этиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш соҳаларида;
  2. Инвестицион жозибадорликни ошириш — халқаро сертификатлаштириш жараёнларини йўлга қўйиш ва Европа миқёсидаги йирик лойиҳаларга жалб этилиш орқали;
  3. Ўзбекистоннинг хомашё дипломатиясини ривожлантириш — мамлакатни халқаро майдонда ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида тан олинишига ҳисса қўшиш;
  4. Европанинг технологик ва илмий кластерлари билан ҳамкорликни кенгайтириш — хусусан Германия, Франция, Финляндия ва Австриядаги илғор марказлар билан қўшма ташаббуслар амалга ошириш орқали.

Шунингдек, ушбу аъзолик ТМКни муҳим минераллар бозорида мутлақо янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Хусусан, Европа грантлари ва инвестициялари орқали бу йўналишдаги лойиҳалар учун молиявий механизмлар кенгаяди. Европанинг илғор марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб борилади ва инновациялар жорий этилади. ТМК маҳсулотлари халқаро бозорга янада юқори сифат кўрсаткичлари билан чиқади.

ERMA директори Массимо Гаспарон ҳам ҳамкорликдан умидвор эканини билдириб, шундай деди:

“Биз ERMA мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида ТМК билан биргаликда ишлашни интиқлик билан кутмоқдамиз.”

Қисқаси, ушбу аъзолик Ўзбекистонни оддий хомашё етказиб берувчи мамлакатдан инновацион ҳамкор мақомига кўтаради.