Хитойда илк бор Xueba 01 гуманоид робот аспирантурага ўқишга қабул қилинди. Бу ҳақда SCMP нашри хабар берди.
«Шанхай театр академияси — Хитойдаги етакчи санъат ўқув юртларидан бири — Xueba 01 роботини расман аспирантура дастурига қабул қилди. У драма ва кино соҳасидаги тўрт йиллик аспирантурада таҳсил олади. Асосий эътиборни анъанавий хитой операсига қаратади», — дейилади хабарда.
Xueba 01 учун виртуал талабалик гувоҳномаси яратилган, унинг илмий раҳбари сифатида эса машҳур шанхайлик рассом ва профессор Ян Цинцин тайинланган.
Робот ўз ижтимоий тармоқларида шундай деб ёзган:
«Профессор Ян айтди: агар мен олий маълумот олмасам, мени музейга ҳадя қилишар экан. Бу ҳам ёмон эмас! Ҳеч бўлмаганда санъат тарихи қисмига айланаман!»
Xueba 01 номи хитойча “аъло баҳоли ўқувчи” маъносини берувчи «сюэба» сўзидан олинган. Унинг бўйи 1,75 метр, оғирлиги эса 30 килограммни ташкил қилади. Роботда катта ёшли эркак юзига ўхшатилган силикон юз ва мимика мавжуд. У кўзойнак, кўйлак ва шим кийган ва хитой тилида сўзлаша олади.