Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Пекин шаҳри ва Хэбэй музофотида рўй берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жароҳат олгани ва катта моддий зарар етказилгани муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин номига ҳамдардлик телеграммасини йўллади.
Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига тасалли сўзларини изҳор этиб, жабрланувчиларнинг тез орада шифо топишини тилади.
📌 Маълумот учун:
1 август ҳолатига кўра, Хитойдаги сув тошқинлари 44 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган. Яна 9 киши бедарак йўқолган.
“Синхуа” ахборот агентлигига кўра, Пекин шаҳридаги тошқинлар 300 мингдан зиёд аҳолига зарар етказган. 24 мингга яқин уй-жой шикастланган. Фавқулодда ҳолатга кучли ёмғирлар сабаб бўлиб, дарёлардан сув тошиб кетгани қайд этилмоқда.