Андижонда ўқитувчилар ҳашарга чиқарилди: вазирлик вазиятни назоратга олди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг таъмирлаш ишларига жалб этилгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, вазият қатъий назоратга олинганини ва ҳозирда атрофлича ўрганилаётганини маълум қилди.

Вазирлик таъкидлашича, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ўқитувчиларни касбий фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланган. Бундай ҳолатларда масъул шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

«Бу каби қонунбузарликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўрилади. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ фаолларидан битта мактабдаги ҳолатни бутун тизимга нисбатан умумий баҳолашдан тийилишларини сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.