Мутасаддилар таъкидлашича, бўйин остеохондрози умуртқалар, тоғайсимон дисклар ва бойлам тузилмаларидаги дегенератив-дистрофик ўзгаришлар натижасида юзага келадиган хасталик бўлиб, асосан 35 ёшдан кейин кўп кузатилади. Бу ҳолат, аввало, жисмоний фаоллик етишмаслиги ва камҳаракат турмуш тарзи билан боғлиқ.
Кун давомида бир ҳолатда ўтириш, жисмоний машқлар билан етарлича шуғулланмаслик, компьютер ёки телефонга узоқ вақт тикилиб ўтириш хасталик ривожланишига замин яратади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 5 миллиондан ортиқ инсон камҳаракатлик билан боғлиқ сабаблар туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.
Бўйин умуртқалари умуртқа поғонасининг энг ҳаракатчан қисми бўлиб, орқа мия ва узунчоқ мияни қон билан таъминловчи муҳим артерия ва асабларни ўз ичига олади. Ушбу артерияларнинг остеохондроз оқибатида сиқилиши бош мия ишемияси, бош айланиши, кўз хиралашиши, эшитиш муаммолари, юрак соҳасида оғриқлар, қўлда санчиқ ва қон босимидаги кескин ўзгаришлар каби белгилари билан намоён бўлади.
Мутахассислар таъкидлашича, хасталикни ўзбошимчалик билан, уй шароитида даволаш тавсия этилмайди. Вақтида шифокорга мурожаат этиш орқали остеохондроз эрта босқичда аниқланиб, самарали даво чоралари кўрилиши мумкин.
Одатда, остеохондроз консерватив, яъни дори-дармон, махсус жисмоний машқлар ва физиотерапевтик усуллар ёрдамида муолажа қилинади. Даволаш курси индивидуал ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади.