Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни “А.У.Е.” (“Маҳбуслар тартиби ягона”) деб аталувчи жиноий ҳаракат таъсиридан сақланишга чақирди.
Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Россия ҳудудида ўзбекистонликларни ушбу ҳаракатда иштирок этганлик ва уни қўллаб-қувватлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари кўпаймоқда. ДХХ бу ҳолат нафақат алоҳида шахснинг эркинлигига, балки мамлакат фуқароларининг умумий обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
«А.У.Е.» мафкураси, асосан, қамоқхона қоидалари ва «ўғрилик тушунчалари»га асосланган жиноий субмаданиятни тарғиб қилади. Ушбу ҳаракат асосан ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва видеоплатформалар орқали фаолият юритади ҳамда айниқса ёшлар ва меҳнат мигрантлари орасида “братва”, “общак”, “закон по понятиям” каби тушунчалар орқали таъсир ўтказишга уринади.
ДХХ таъкидлашича, бу гуруҳ билан алоқада бўлиш “дўстона гуруҳ” ёки “ишдан кейинги давра” эмас, балки тўғридан-тўғри жиноий фаолиятга аралашиш маъносини англатади.
Россияда “А.У.Е.” ҳаракати 2020 йилдан буён экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган. Унда иштирок этиш ёки ёрдам бериш қонунга мувофиқ қуйидаги жазоларга олиб келиши мумкин:
- 300 000 дан 600 000 рублгача жарима;
- 1 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
- Ахлоқ тузатиш ишлари;
- Депортация ва ҳуқуқий мақомни йўқотиш.
Шу муносабат билан ДХХ фуқароларни ҳушёр бўлишга, жиноий мафкураларни рад этишга ва ҳуқуқбузарликка олиб борувчи ҳар қандай ҳаракатдан йироқ туришга чақиради.