Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланди. Юксак мукофот тантанали маросимда топширилди.

Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг Миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва қардош туркман халқига миннатдорлик билдирди.
— Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига бўлган алоҳида эътибор ва ҳурмат, шунингдек, минтақамизда дўстлик, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламан, — деди Президент.

Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик алоқалари мустаҳкамланаётгани, икки давлат ўртасида муҳим иқтисодий ва гуманитар лойиҳалар амалга оширилаётгани, савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Президент Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда барча давлатлар раҳбарларининг ҳиссаси катта эканини қайд этиб, халқаро ҳамжамият бу саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаётганини таъкидлади.

Тадбир якунида давлатимиз раҳбари юксак мукофот учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдириб, туркман халқини БМТ конференцияси билан табриклади ҳамда декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган глобал саммитга муваффақият тилади.