Бугун, 5 август куни Туркманистонда БМТнинг денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича 3-конференцияси ташкил этилди. Тадбир доирасида президент Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.
Президент ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон президенти ва БМТ раҳбари учрашувида қатор масалалар муҳокама этилган. Жумладан, глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ бош ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлаган.
Мулоқотда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ бош ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. Жорий йилда ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ—Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда “БМТ—Аёллар” тузилмасининг ваколатхонаси очилди, дейилади манба хабарида.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистон глобал барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирган. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.
Учрашувда Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлаган.
Ўзбекистон президенти БМТ анжуманида нутқ сўзлаб, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.