Ўзбекистон бокс федерацияси Лазизбек Муллажонов ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берди

Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Лазизбек Муллажоновда допинг моддаси аниқлангани, натижада унинг Париж-2024 Олимпия ўйинларидаги олтин медали бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон бокс федерацияси мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Қайд этилишича, Лазизбек Муллажонов айни пайтда профессионал боксда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Жорий йилнинг 11 июнь куни спортчидан халқаро допинг қоидаларига мувофиқ намуна олинган. Халқаро Тест агентлиги (ITA) томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ушбу намунада тақиқланган моддалар аниқланган.

Федерация маълум қилишича, Муллажонов Париж Олимпиадасидан сўнг — 2024 йил 19 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги хусусий шифохонада соч кўчириб ўтказиш бўйича операция қилдирган. Ушбу жарроҳлик амалиёти давомида ва операциядан сўнг шифохона томонидан берилган дори воситаларидан фойдаланилган. Айни шу дори воситалар таркибида допинг моддалари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон бокс федерацияси ва спортчи томонидан ITA’га барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган. Ҳозирда Муллажонов расмий якуний қарорни кутаяпти.

Федерация мазкур ҳолат Олимпия ўйинларидаги натижага таъсир қилмаслигини, тарқалаётган хабарлар эса асоссиз эканини таъкидлади.