5 август куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган вилоят мусиқали драма театрида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 18:09 да «Шодлик» маҳалласида жойлашган объектлардан бирида ёнғин юз бергани ҳақида қутқарувчиларга мурожаат келиб тушган. Вақтни ўтказмасдан, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб борган.
Ёнғин 18:12 да қуршаб олинган ва 19:16 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида мурожаатлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш бўйича дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.