Мирзиёев Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди.

Президентларнинг номзоди “Россия тинчлик жамғармаси” халқаро жамоат фонди томонидан илгари сурилган. Фонд уларни “халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлашга, кўп қутбли дунёни барпо этишга, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси” учун тақдирлашни таклиф қилган.

Бу ҳақда фонд бошқаруви раиси, Россия Давлат думаси халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Леонид Слутский мукофот ҳайъатига йўллаган хатда маълум қилинган.

“Россия тинчлик жамғармаси” ушбу муҳим тарихий воқеани нишонлашни ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни кўп қутбли дунё қурилишига ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Л.Н. Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатишни таклиф этмоқда, дея таъкидлаган Слутский ўз мурожаатида.