Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара ўтказиш пунктларида “яшил” йўлаклар ташкил этилади

Ўзбекистон дипломатлари Қозоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсембиев билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон юк ташувчи компаниялари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари орқали мева-сабзавот ва бошқа тез бузиладиган юкларни ташишда дуч келаётган муаммолар, CarGoRuqsat электрон навбат тизимидаги тушунмовчиликлар, чегара ҳудудларида “яшил” йўлакларнинг йўқлиги, автотранспорт воситалари учун тўхташ ва ҳайдовчиларнинг кутиб туришига етарли шароитлар мавжуд эмаслиги каби бир қатор масалалар хусусида фикр алмашилди.

Қозоғистон томони электрон навбатлар бўйича вазиятдан бохабар эканлигини ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида тизимга ўзбек тилида алоҳида саҳифа очилганини ва қўшимча йўлаклар жорий қилинганини маълум қилди.

Музокара якунида томонлар ўртасида мева-сабзавот маҳсулотларининг чегаралардан тўсиқсиз ўтиши учун “яшил” йўлаклар жорий этиш бўйича зарур қарорлар қабул қилишга келишиб олинди.