Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” маҳалласида 48 ёшли раиси 17 ёшли қизга нисбатан жинсий ҳаракатлар қилгани учун маъмурий қамоққа ҳукм қилинди.
Тегажоғлик 7 июнь куни соат 14:00 да маҳалла биносида, 1977 йилда туғилган И.Р. томонидан 2007 йилда туғилган М.М.га нисбатан содир этилган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, маҳалла раиси қизнинг бўйи пастлигини ва қомати букчайиб қолаётганини айтган. У машқ ўргатиш баҳонасида қизнинг белидан ушлаб, икки қўлини елкасига қўйдириб, оёқларини осилтирган ва юзидан ўпмоқчи бўлган.
Қизнинг айтишича, у қаршилик қилганига қарамай, раиси унинг белидан ушлаб, бир нечта жисмоний машқларни мажбуран такрорлатган. Кейинчалик раиси унга “юзингда холинг бор экан, шу ерингдан ўпайми?” дея тегажоғлик қилган.
И.Р. судда айбини қисман тан олиб, қиз соғлиғидан хавотирланганини ва машқлар фойдасига ишонганини билдирган.
Суд маҳалла раиси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жинсий тегажоғлик ҳуқуқбузарлигида айбли деб топиб, унга 4 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.