2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Россияда автомобил бошқаришга тўсқинлик қилувчи янгиланган тиббий кўрсатмалар рўйхати кучга киради. Янги рўйхат жорий йил апрель ойида қонунчилик даражасида тасдиқланган.
Унга кўра, руҳий ва психик ривожланишдаги умумий бузилишлар, жумладан аутизм ва Туретт синдроми каби ҳолатлар ҳам рўйхатга киритилди.
Кўз билан боғлиқ касалликлар бўйича ҳам ўзгариш киритилди: ахроматопсия (рангларни фарқлаш қобилиятининг тўлиқ йўқолиши) атамаси ўрнига ранг кўриш аномалиялари деган умумийроқ тушунча киритилди. Бу ўзгариш турли хил дальтонизм шаклларини ҳам қамраб олади.
Агар фуқарода мазкур рўйхатдаги касалликлардан бири аниқланса, унга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилиши ёки унинг муддати узайтирилиши тақиқланади. Энг яхши ҳолда эса гувоҳнома чекловлар билан, масалан «GCL» (кўзойнак ёки контакт линзалар тақиш мажбурияти) белгиси билан берилиши мумкин.
Ҳозирда ҳайдовчилар 10 йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтиши шарт — бу гувоҳнома олиш ёки янгилаш пайтида амалга оширилади. Лекин 2027 йил 1 мартдан бошлаб янги қонун кучга киради. Унга кўра, ЙҲХК (ГАИ) ҳайдовчини режадан ташқари тиббий кўрикка юбориш ва агар унда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи касаллик аниқланса, гувоҳноманинг амал қилиши вақтинча тўхтатилиши мумкин бўлади.