8 август куни Давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳрида энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Охирги йилларда пойтахт аҳолиси ва қурилиш кўлами кескин ортиши, маиший техникадан фойдаланиш кўпаяётгани энергия талабини сезиларли оширди. Фақат сўнгги бир йилда 12 мингта янги қувват, савдо ва сервис мажмуалари ишга тушди.
Шу талабни қоплаш мақсадида охирги икки йилда Тошкентда электр таъминотини яхшилаш учун 2 триллион 800 миллиард сўм йўналтирилиб, 36 та подстанция, 665 та трансформатор ва 2 минг километрдан зиёд тармоқ янгиланди.
Шунга қарамай, 46 та подстанция ва 207 та трансформатор ҳали ҳам ортиқча юклама билан ишлаяпти. Йил бошидан буён истеъмолчилар сони яна 40 мингтага кўпайди, талаб эса 6 фоизга ўсди. Жазирама кунлар давомийлиги ҳам ортиб, июль ойида истеъмол 900 миллион киловатт-соатдан ошиб кетди.
Энергетика вазирининг маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи босқичида 374 километр тармоқ, 11 та подстанция ва 62 та трансформатор янгиланади. Келаси йилда эса 788 километр тармоқ, 35 та подстанция ва 145 та трансформатор модернизация қилинади.
Президентимиз куз-қиш мавсумига оз вақт қолганини таъкидлаб, буюлги режаларни 1 ноябрга қадар тўлиқ якунлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, саноат корхоналарини муқобил энергия тизимига ўтказиш, 2027 йилгача 752 мегаваттли қуёш станцияси ва 812 мегаваттли энергия сақлаш қувватларини ташкил этиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Кичик қувватли атом электр станцияси қуриш ишлари Халқаро атом энергияси агентлиги назоратида олиб борилаётгани қайд этилди. Президент барқарор энергия қувватларини яратиш, сифат ва муддат талабларига қатъий риоя қилиш бўйича топшириқлар берди. Вазирлар Маҳкамасига эса энергия самарадорлиги масаласини ҳар ҳафта муҳокама қилиш вазифаси юклатилди.