Қирғизистонда гўшт нархи устидан давлат назорати ўрнатилди

Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги қорамол ва қўй гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) нархларини вақтинчалик давлат томонидан тартибга солиш жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, тегишли буйруқ 2025 йил 11 августдан кучга киради ва 90 календарь кун давомида амал қилади.

Қарор «Нархларни шакллантириш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархларини тартибга солишга доир қарорлари асосида қабул қилинди.

Қайд этилишича, нарх чегарасига риоя этилишини Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Монополияга қарши тартибга солиш хизмати назорат қилади.

Ушбу чора-тадбирлар фақат аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган, дейилади хабарда.

Молиячи Отабек Бакировнинг ёзишича, «бу ёмон тажрибани Ўзбекистон нолинчи [2000] ва ўнинчи [2010] йилларда кенг қўллаган, лекин фақат тескари натижалар олган».

«Бундай тажриба яқинда ҳам Марказий Осиёнинг энг эркин бозор мамлакати ва гўшт макони бўлган Қирғизистонда юз бераётганига ишониш қийин. Замоннинг зайлини қарангки, бу хато иш эканини эслатадиган йўқ, аксар ОАВлар ҳукумат риторикасини такрорламоқда. Мамлакатда охирги йилларда ва, айниқса, охирги ойларда медиа устидан назорат қаттиқлаштирилган», — деб таъкидлади у.