Туркияда 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди

Туркия шимоли-ғарбидаги Баликесир вилоятида якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:53 да 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) хабар берди.

Эпицентр Синдирги туманида, 11 километр чуқурликда жойлашган.

Туркия ИИВ баёнотига кўра, зилзила оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 29 киши жароҳатланган. Битта бино қулаган, 24 та бинога зиён етган.

Ер силкинишлари кучи Измир, Кутаҳя, Истанбул, Маниса, Эскишеҳир каби шаҳарларда ҳам сезилган. Асосий зилзиладан сўнг магнитудаси 4,6, 4,1 ва 4,0 га тенг учта афтершок қайд этилди.