Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 11 август куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишдан кейин «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида яширин иқтисодиётга қарши кураш доирасида солиқ маъмурчилигида таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
«Хуфиёнага қарши кураш бўйича бешта асосий йўналишлар танланган бўлса, иккита йўналиш, бу — биринчиси солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш ва уларнинг масъулиятини ошириш бўлса, иккинчиcи — бу солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш», — деди у.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш деганда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ёки уларни тўламаслик ҳолатлари бўйича чора-тадбирлар тушунилади.
«Солиқ кодекси бўйича камерал солиқ назорати бор: солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар ва улар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ мажбуриятини бажариш бўйича таҳлил ўтказилади. Айрим ҳолатларда тегишли маълумотлар ўша камерал натижасида бартараф қилинмаса, солиқ аудити чиқиб, уларга жарималар қўллашга сабаб бўлади», — дея аниқлик киритди у.
«Шунинг учун биз мана шу солиқ тўловчиларга ўша хато-камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, агар қўшимча маълумотлар солиқ органларида мавжуд бўлмаса, шуни шахсий кабинет орқали олиб, уларни бартараф қилиб, қўшимча жарималар ҳисобланишини олдини олишга хизмат қиладиган тартиб-қонун қоидаларини таклиф қилдик. Бу биринчи асосий масала», — деди Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.
Мирзаев, шунингдек, солиқ органлари орасида ресурсларни қайта тақсимлаш бўйича таклифлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«2500 дан ошиқ солиқ органлари [ходимлари] ер-мулк солиғи бўйича ресурсларни сарфлаяпти. Шуни биз биллинг тизимига бир интеграция қилиб, ўша маъмурчиликни осон қилиб, шундан бўшаган мутахассисларни биз ўша қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигига йўналтиришни таклиф қиляпмиз», — деди у.
Унинг айтишича, бу мутахассислар хавфлар юқори бўлган корхоналар билан ишлаб, уларга солиқ мажбуриятларини ижро этиш ва хавфларни пасайтиришда ёрдам беради. Солиқ тўловчилар билан бирга солиқ тўламаслик бўйича йирик ҳолатлар олдини олади.
«Бу биринчи навбатда давлат буджетига тушумларни кўпайтиради, иккинчидан, хуфиёна билан ишлайдиган корхона ташкилотларини тўғри ишлашга мажбурлайдиган бир тизимни [яратади]», — дея таъкидлади Мирзаев.