Тошкентда аэропорт, вокзал ва туризм кўчалар бўйлаб ҳаракатланадиган тунги автобуслар йўлга қўйилиши мумкин

Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аллаёр Норбўтаев маълум қилишича, Тошкент шаҳрида тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланадиган автобуслар йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгашининг йиғилишида маълум қилди.

Таклифга кўра, автобуслар аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, тундаги туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик деҳқон бозорлари, талабалар ётоқхонаси ва шифохоналар орқали ҳаракатланади. Умумий ҳисобда 15 та йўналиш икки босқичда, оралиқ интервали дастлаб ярим соатни ташкил этган ҳолда ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида соат 22:00 дан 06:00 гача ҳаракатланадиган, қизил рангдаги автобуслар йўлга қўйилиши мумкин. Улар 15 та йўналишда аэропорт, вокзал ва туризм кўчалар бўйлаб ҳаракатланади. Бу учун маҳаллий бюджетидан 33 млрд сўм талаб қилинади.

Таъкидлашича, Тошкент шаҳри ҳокимиятидан автобусларни алоҳида қизил рангга бўяш таклифи бўлган. Автобус йўналишлари рақамлари ҳам Т1, Т2, яъни «тунги автобус» сифатида белгиланади.

Тунги автобусларни ташкил этиш таклифи президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси лойиҳасида ҳам акс этган.