Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликлар болалари давлат боғча ва мактабларига жойлаштирилади

Ўзбекистонда Ғазо секторидан олиб келинган фаластинлик меҳмонларга нафақа тайинланади, уларнинг мактаб ёшидаги фарзандлари бепул ўқитилади.

“Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра:

-Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга (кейинги ўринларда – меҳмонларга) зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланади;

-ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилади;

-меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилади;

-меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланади;

-меҳмонларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилади;

-меҳмонларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади.

Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқаролар (кейинги ўринларда – меҳмонлар) яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилади;

— меҳмонлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январига қадар озод этилади;

— меҳмонларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади;

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–12-сон қарори доирасида меҳмонларнинг фарзандларини давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишида) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 100 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон ва Фаластин

Ғазо секторида уруш бошлангач, Ўзбекистон томонларни дипломатик ва тинч билан можарони ҳал этишга чақириб келади. Ўз навбатида, Ўзбекистон мустақил Фаластин давлатини тузиш тарафдори саналади. Президент Шавкат Мирзиёев қатор халқаро тадбирларда Фаластин муаммосини кўтарди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил охирида 100 нафар фаластинлик Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳридан Ўзбекистонга эвакуация қилинганди. Бу шахсан президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган.