Telegram турли сабабларга кўра ўчириб ташланган каналлар сони бўйича янги рекорд ўрнатди. 2025 йилнинг бошидан мессенжер 20,9 миллиондан ортиқ канални блоклади. Бу платформа тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Telegram’нинг расмий сайтида маълум қилинди.
Аниқ сабаблари очиқланмаган бўлса-да, одатда кенг кўламли блоклаш мессенжер қоидаларини бузган канал ва гуруҳларга нисбатан қўлланилади. Бунга спам тарқатиш, фирибгарлик ва тақиқланган материалларни киритиш кабилар киради. Масалан, бир неча кун аввал Telegram асосчиси Павел Дуров платформани товламачилик ва “доксинг” билан шуғулланувчи каналлардан тозалаш жараёни бошланганини эълон қилган эди.
2025 йилда Telegram қоидабузарларга қарши кенг кўламли иш олиб борди. Хусусан, жорий йил 27 июль куни мессенжер бир суткада 402 мингдан ортиқ канал ва гуруҳни ўчириб ташлади. Шунингдек, 3 июль куни ҳам 314 мингдан ортиқ канал блокланди, бу ҳам платформада қоидабузарларга қарши курашнинг жиддийлигини кўрсатади.
Аввалроқ Telegram мессенжери фойдаланувчиларга навбатдаги янгиланишини тақдим этди. Унга кўра, премиум фойдаланувчилар учун очиқ каналлардаги постларни излаш бўлими пайдо бўлди, stories’лар мавзулар бўйича гуруҳланиб, альбомларда сақланиш функцияси пайдо бўлди, виртуал совғалар ва фойдаланувчи рейтинг белгиси жорий этилди. Шунингдек, БотФатҳер интерфейси янгиланиб, бот яратиш жараёни махсус мини-илова орқали янада қулайлаштирилди.
Доксинг (инглиз тилида docs— “ҳужжатлар” сўзидан) — бу одамнинг шахсий ёки махфий маълумотларини, масалан, манзили, карта рақами, иш жойи, паспорт нусхаси кабиларни унинг розилигисиз интернетда ошкор қилиш амалиёти.