12 август куни Халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Veolia Energy Tashkent компанияси бош директори Севара Пардаева 1 октябрдан иссиқлик энергияси тарифлари оширилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берди. Тошкентда аҳоли учун нарх 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун 19 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу маълумот пойтахт аҳолисининг норозилигига сабаб бўлди.
Veolia Energy Tashkent компаниясининг расмий баёнотида тушунтирилишича, жорий йилнинг 1 майидан газ ва электр энергияси тарифлари оширилган, 15 июндан эса иссиқлик энергиясини сотиб олиш нархи ошган.
«Аслида иссиқлик ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчига иссиқлик тарқатувчи бўлган иссиқлик таъминоти корхонаси учун тарифни қайта кўриб чиқиш табиий. Энергия нархларининг ўсиши газ учун 20 фоизни, электр энергияси учун 11 фоизни, сотиб олинган иссиқлик учун 13 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тарифи атиги 7,1 фоизга — 1 Гкал учун 664 465 сўмдан 711 641 сўмгача оширилади. Аҳоли учун тариф 15 фоизга — 1 Гкал учун 121 617 сўмдан 139 860 сўмгача ошади ва у таннархдан анча паст,» — дейилади компания хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда иссиқлик таъминоти хизмати давлат томонидан субсидияланади. Амалдаги тариф бўйича 18 фоизи истеъмолчилар томонидан тўланади ва 82 фоизи давлат субсидиялари ҳисобидан қопланади. Айни пайтда бу маҳаллий бюджетнинг энг йирик субсидияланадиган йўналишларидан биридир.
«2025 йил октябрь ойида тариф оширилгандан сўнг, нисбат қуйидагича бўлади: аҳоли умумий тарифнинг 19,7 фоизини тўлайди, давлат субсидиялари эса умумий тарифнинг қолган 80,3 фоизини қоплайди,» — дея хулоса қилди компания.