Қозоғистон президенти Танзила Нарбаевани «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаевага II даражали «Достық» («Дўстлик») орденини топширди. Бу унга икки томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари учун берилди, деб ёзмоқда Акорда.

Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси 18−19 август кунлари Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев таклифига биноан расмий ташриф билан Остона шаҳрида бўлиб турибди.

Акордага кўра, Тоқаев ва Нарбаева учрашувида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалаларни муҳокама қилинди.

танзила нарбаева, қозоғистон, қосим-жомарт тоқаев

«Сизнинг ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Биз қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Бу Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жуда муҳим омили, деб ҳисоблаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик яхши, яқин ва самарали бўлса, минтақадаги вазият ҳам шунчалик осойишта бўлади», — деди президент.

Танзила Нарбаева, ўз навбатида, Тоқаевга президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.

«Биз, президентнинг бутун жамоаси, шу жумладан, парламент ҳам аниқ натижалар бўлиши учун иш олиб боряпмиз. Сиз айтганингиздек, Қозоғистон Ўзбекистон учун, Ўзбекистон Қозоғистон учун энг яқин, ишончли ҳамкорлардир», — деди Сенат раиси.