Ўзбекистон президентининг қарори билан “Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли” Концепцияси тасдиқланди.
Унга кўра, эндиликда туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ва прокурорнинг хизмат хонаси 2025-йил якунигача бевосита маҳаллада ташкил этилиб, кундалик ишининг бошланиши ва якуни айнан ўша ерда амалга оширилади. Маҳаллаларда босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади.
Ижтимоий профилактика объектлари, айниқса, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги” томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи “маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Шунингдек, маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржой ва уйлар олдида “Ташвиш” тугмалари ўрнатилади.
Концепциянинг асосий мақсади маҳаллаларда алоҳида ташкилий-профилактик тадбирлар ҳамда манзилли чоралар билан илмий-амалий ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳитни яратиш ҳисобланади.