Бу йилги қабул тизимида абитуриентлар энди 5 та эмас, 6 та йўналишни танлаш имкониятига эга бўлиши, шунингдек, супер-контракт миқдорларининг пасайиши кутилаётгани таълим тизимимиздаги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида эълон қилинди. Бу хушхабар ёшлар учун кенгроқ имконият, ота-оналар учун енгилроқ тўлов бўлиши мумкин. Лекин бу қарорларнинг орқасида ҳозир кўринмаётган, аммо кейинчалик юзага чиқадиган жиддий хавфлар яширин бўлиши мумкин.
Олтинчи йўналишни танлаш абитуриентнинг имкониятини кенгайтирадими? Албатта. Лекин бу билим даражасини оширадими? — йўқ. Аксинча, ёшларни “қайсидир бирига тушиб қолар” деган лотерея психологиясига ўргатади. Бу эса масъулият ва интилишни пасайтиради.
Олдин 5 та танлов бўлса ҳам, кўплаб абитуриентлар “охирги икки танловга ўзимни қизиқтирмаган йўналишларни ёзиб қўяман, балки тушиб қолар” деган ёндашувни қўллар эди. Энди бу рўйхат янада кенгайди. Натижада ўқувчи билим орттириш эмас, балки имкониятлар сони орқали ўзини “кафолатлаш” йўлини излайди.
Супер-контрактнинг пасайиши диплом қадрсизланишининг тезлашуви эмасми?
Супер-контракт миқдорининг туширилиши ота-оналар учун енгиллик бўлса, таълим сифати учун огоҳлантирувчи белгидир. Бугунги кунда кўпчилик талаба билимга эмас, пулга таяниб ўқишга кираётганини яширмайди. Агар тўловлар ҳам арзонлашса, “билимсиз, лекин дипломли” авлоднинг кўпайиши муқаррар бўлади. Дипломнинг қадри тушса, келажакда университет битирувчиси бўлиш ҳеч қандай устунлик бермайди. Биз аллақачон бу жараённинг илк белгиларини кўряпмиз, юзлаб университетлар, минглаб дипломлар, лекин меҳнат бозорида ҳақиқий билим ва кўникмага эга мутахассислар етишмайди.
Бундай қарорлар ёшларни вақтинчалик хурсанд қилиши мумкин, аммо узоқ муддатда катта муаммога олиб келади. Масалан, билимга мотивацияси пасаяди. “Танлов кўп, контракт арзон” деган тасалли ёшларни изланишдан тўхтатади. Диплом инфляцияси кучаяди. Диплом сони кўпайиб, қиймати тушади. Таълим сифати ёмонлашади. Университетлар молиявий барқарорликни сон билан тўлдиради, лекин сифатли таълим беришга мажбур бўлмайди.
Бундан ташқари баъзи ўқитувчилар таълимдаги савиянинг йилдан йилга пасайиб кетаётгани ҳақида ҳам кўп марта гапиришади. Бундан ташқари бу йил контракт суммасининг оширилмагани савияси пасайиб кетаётган таълимнинг даражасига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақида фаcебоок ижтимоий тармоғида кўплаб устозлар ҳам ўз фикрларини билдириб ўтмоқда. Агар шу ҳолат давом этса, йилдан йилга савияси билан дипломи бир бирига мутаносиб бўлмаган “дипломли” кадрлар чиқишда ва ишсизлар сафи кенгайишда давом этаверади.
Қачон биз “сифат” ҳақида ўйлаймиз?
Таълим сиёсатимизда доимий равишда сон орттириш тренди кузатилмоқда, кўпроқ университет, кўпроқ талаба, кўпроқ танлов… Лекин булар кўпроқ билим” дегани эмас.
Ёшларни ҳақиқатан ҳам келажакка тайёрлаш учун, тест саволларини ёдлаш эмас, мантиқий фикрлаш ва ижодкорликни ривожлантиришга эътибор қаратиш,
университетларни очиш эмас, мавжудларини сифатли лаборатория, устоз ва дарсликлар билан таъминлаш, контракт нархини тушириш эмас, олий таълимнинг қийматини ошириш керак.
Олтинчи йўналиш ҳам, арзонроқ супер-контракт ҳам, бир қарашда, ижобий кўринади. Лекин бу қарорлар аслида ёшларимизни билимсиз “имконият”га ўргатмоқда. Таълим тизими эса имконият эмас, сифат устига қурилиши керак. Акс ҳолда, эртага бизнинг қўлимизда сони кўп, лекин қиймати йўқ дипломлардан бошқа ҳеч нарса қолмайди.