Қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли технологиялар жорий этилади

“Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–130-сон, 12.08.2025 й.) қабул қилинди.

Фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

🔹 қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 4 млн гектардан ортиқ ер майдонларида экинларни экиш ва суғориш жараёнларини рақамлаштириш;

🔹 қишлоқ хўжалиги соҳасида жорий этилган 30 тадан ортиқ ахборот тизимларини “ягона нуқта”га бирлаштириш орқали фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиш ҳамда маълумотларнинг ўзаро мувофиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш.

2026 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўзларига тегишли ер участкаларига экиш режалаштирилган қишлоқ хўжалиги экинлари тўғрисидаги маълумотларни “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформасига (Агропортал) мустақил жойлаштириб боради.

Агропортал қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун соҳада хизмат кўрсатишнинг “ягона нуқтаси” сифатида эътироф этилади.