Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий қудратини ошираётгани, аммо айни пайтда уруш истамаслигини билдирди. Бу ҳақда у Калбажар шаҳри аҳолиси билан учрашув чоғида маълум қилди.
«Биз ҳар қандай пайтда урушга тайёр бўлишимиз керак, чунки дунёдаги жараёнларнинг бориши эртага нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада», — деди у («Интерфакс» нашридан иқтибос). «Биз уруш эмас, тинчлик истаймиз», — дея қўшимча қилди жаноб Алиев.
Президентнинг сўзларига кўра, 2020 йилдаги Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан сўнг мамлакат ўз қуролли кучларини мустаҳкамлади — махсус кучлар сони минглаб жангчига кўпайтирилди. Бундан ташқари, мамлакат янги учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ва артиллерия тизимларини сотиб олди, шунингдек, янги жанговар самолётлар хариди бўйича шартномалар имзолади.