Тошкентда 4 ёшли боланинг ўлими бўйича текширув бошланди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, 16 август куни Тошкент шаҳридаги 4-сон шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасида 4 ёшли бола вафот этган.

Маълум қилинишича, ота-онаси уни тарвуз истеъмол қилгандан сўнг қайт қилиш, ич кетиши ва ҳарорат кўтарилиши каби шикоятлар билан шифохонага олиб келган. Оиладаги яна уч нафар фарзанд ҳам тарвуздан заҳарланиш аломатлари билан даволанишга ётқизилган.

Беморга “ўткир ичак инфекцияси, гастроэнтероколит тури” ташхиси қўйилиб, антибиотик терапия ва суюқлик юбориш орқали даволаш бошланган. Бироқ сувсизланиш кучайиб, бола тунги соат 01:50 да реанимацияга ўтказилган. Табиблар томонидан кўрсатилган чораларга қарамай, 02:30 да биологик ўлим қайд этилган.

Марҳумнинг отаси шифокорларни беэътиборликда айблаган. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси расмий изоҳ берди. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари текширув олиб бормоқда. Яккуний хулоса Республика суд-тиббий экспертизаси хулосасидан сўнг маълум қилинади.