Россияга исириқ олиб борган тожикистонлик аёл 8 йилга қамалди

Россияда суд Тожикистон фуқаросини исириқ (ҳазориспанд, гармала) ўсимлигини мамлакатга олиб киришга урингани учун 8 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Маълумот ўрнида, исириқ Россияда таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд ўсимликлар рўйхатига киритилган.

Тожикистонлик аёл Россия аэропортларидан бирида қўлга олинган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми («Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш») ва 229.1-моддаси 3-қисми («Россия божхона чегараси орқали таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни ноқонуний олиб ўтиш») бўйича айблов эълон қилинган.

Тергов якунлангач, жиноят иши судга юборилиб, судланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бош прокуратура Россия ҳудудига исириқ олиб кириш ва ундан фойдаланишга уринишдан огоҳлантириб, «10 бирликдан ортиқ ҳазориспандни» ташиш ва сақлаш учун қоидабузар 1 миллион рублгача жарима ёки умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкинлигини эслатди.