Тожикистонда фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланганлик учун жазо жорий этилди

Тожикистонда фолбин, сеҳргар ва афсунгарларга мурожаат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди, деб хабар берди Asia-Plus.

Жумладан, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 482-моддасига («Сеҳргар, афсунгар ёки фолбин хизматидан фойдаланиш») киритилган қўшимчага кўра, эзотерик амалиёт билан шуғулланувчиларнинг мижозларига 50-60 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (3750-4500 сомоний ёки 4,8-5,8 млн сўм) миқдорида жарима солинади.

Қайд этилишича, ўзгаришлар 2025 йил 31 июлдан кучга кирган, бироқ бу ҳақда энди маълум бўлмоқда.

Таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида Тожикистон ҳукумати фолбин ва сеҳргарлар ҳамда уларнинг мижозларига қарши курашни кучайтирди. 2024 йил ёзида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбин ва сеҳргарларга борган шахслар органларга чақирилишини ва уларнинг исмлари ва фотосуратлари Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасига киритилишини эълон қилган эди.

Расмийларнинг таъкидлашича, «бу чора-тадбирнинг мақсади хурофот ва фолбинлар ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланишнинг олдини олишдир, чунки баъзи фуқаролар уларга мурожаат қилиб, сеҳр ва жодугарликнинг тарқалишига ҳисса қўшадилар». Фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилган ва органларга чақирилган одамларнинг аниқ сони номаълум.

Шунингдек, ўтган йили фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланганлик учун жазо кучайтирилди. Мамлакат парламенти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 482-моддаси 2-бандига ўзгартириш киритиб, маъмурий жарима миқдорини 80-100 ҳисоб-китоб кўрсаткичигача оширди, шунингдек, 10 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўшди.

Бундан ташқари, Тожикистон Жиноят кодексининг 240-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, сеҳргарлик ва фолбинлик билан шуғулланганлик учун (агар бундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса) 1500 дан 2000 ҳисоб-китоб кўрсаткичигача жарима ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Илгари бундай ҳаракатлар учун фақат маъмурий жавобгарлик назарда тутилган эди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида афсунгарлик ва фолбинлик билан шуғулланишнинг 495 та ҳолати аниқланган.