Куни кеча, 26-август куни ижтимоий тармоқларда 8 ёшли бола бурун операцияси пайтида вафот этганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Мазкур вазият юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
“Ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, юзлаштириш, кўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди”, — дея ёзди у.
Маълум бўлишича, бола 1 ҳафта олдин клиникада тиббий кўрикдан ўтган. Сўнгра 25-август куни бурун соҳасида ўтказилган ринопластика жарроҳлик амалиётидан тирик чиқмаган. Қайд этилишича, барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади.