Тошкент вилоятида бир қатор вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ёпилди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хабарига кўра, 2025 йил июнь ойида ўтказилган мониторинг натижасида Қуйичирчиқ ва Чиноз туманларидаги ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида қатор камчиликлар аниқланган.

Маълумотга кўра, аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Қуйичирчиқ туманидаги ҳибсхонада вентиляция тизими ва радио қурилмалари ўрнатилди, камералар зарур анжомлар билан таъминланди. Шунингдек, санитария тармоқлари ва сайр майдонлари таъмирланиб, гигиена талабларига мослаштирилди.

Шу билан бирга, санитария-гигиена қоидаларига жавоб бермаган Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг 2025 йил 21 июлдаги буйруғига асосан тугатилди.