Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманида бир гуруҳ шахслар жанжаллашгани ва икки нафар йигитнинг қаттиқ калтаклангани акс этган видео тасвирлар тарқалди.
Мазкур ҳолат Андижон вилояти ИИБ томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, мазкур туманда яшовчи 2001 йилда туғилган Х.Ж. шу йилнинг 8 июнь куни тонгги соат 4:30 ларда Асака тумани Қадрият маҳалласи ҳудудида фуқароларнинг тинчини бузиб, шериклари – 2003 йилда туғилган С.М. ва 2002 йилда туғилган О.М.лар билан бирга, 2004 йилда туғилган Х.Д.ни ўзаро келишмовчилик ортидан уриб дўппослаб, унга енгил тан жароҳати, 1997 йилда туғилган фуқаро Р.Б.га эса ўртача оғир тан жароҳати етказишган.
Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида фуқаролар Х.Ж, С.М. ва О.М.ларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, 2025 йил 8 июль куни айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан 2025 йил 27 август куни судланувчилар Х.Ж., С.М.ва О.М.ларнинг ҳар бирига нисбатан 3 йил муддатдан озодликни чеклаш жазолари тайинланди.