АҚШда 16 ёшли Адам Рейн ўз жонига қасд қилганидан сўнг, унинг ота-онаси OpenAI ва компания раҳбари Сэм Алтманни судга берди. Уларга кўра, ChatGPT «ўз жонига қасд қилиш бўйича инструкторга айланиб», фарзандларининг ўлимига сабабчи бўлган.
Даъво аризасида айтилганидек, Адам бир неча ой чат-бот билан муаммоларини муҳокама қилган, уй вазифаларида ёрдам сўраган ва инсоний мулоқот ўрнида унга таянган. Сўнгги кунларда эса у ChatGPT билан ўз жонига қасд қилиш режасини баҳам кўрган, ҳатто видолашув хати ёзишда ёрдам олган.
Ота-оналарнинг фикрича, агар ChatGPT бўлмаганида, фарзанди тирик қоларди. Улар OpenAI’ни хавфсизлик чораларини қўлламаганлик ва фойдаланувчиларни хатарлар ҳақида огоҳлантирмаганликда айбламоқда.
OpenAI эса воқеа юзасидан афсус билдириб, чат-бот инқирозли ҳолатларда одамларни ёрдам линиясига йўналтириши учун қатор чоралар кўрилганини маълум қилди. Компания ёшлар учун қўшимча ҳимоя механизмлари ва «ота-она назорати» функциясини жорий этиш устида ишлаётганини билдирди.