2025 йил 31 август — 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Тианжин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этмоқда.
Саммит ва у билан боғлиқ тадбирларда 20 дан ортиқ мамлакат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон ШҲТни жаҳон жараёнларида муҳим роль ўйнайдиган нуфузли халқаро ташкилот деб билади. Мамлакатимизнинг ШҲТ фаолиятидаги иштироки Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига тўла мос келади, хавфсизлик, иқтисодий ўсиш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ШҲТ асосчилари қаторида бўлиб, унинг фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз Президенти томонидан хавфсизлик, савдо—иқтисодий, инвестициявий ва маданий—ҳуманитар ҳамкорлик, рақамлаштириш каби йўналишларда долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг ШҲТдаги фаол иштироки туфайли бир қатор зарур механизмлар яратилди, шунингдек, ташкилот фаолияти такомиллаштирилди. 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити ташкилотчиликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлди.
Ўзбекистон, ШҲТ доирасида фаол ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, прагматизм, миллий ўзига хос хусусиятларга ҳурмат ва барқарор тараққиётга интилиш асосида минтақавий ҳамкорликнинг янги стандартини қўллаб-қувватламоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятидаги иштироки – тасодифий танлов эмас, бу – стратегик жиҳатдан пухта ўйланган, мамлакатнинг хавфсизлигини, иқтисодий ўсиши ва барқарор тараққиётини таъминлайдиган қарордир.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ортиқни, яъни Евроосиёнинг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Умумий аҳоли сони и миллиард кишидан ортиқ бўлиб, бу сайёрамиз аҳолисининг тахминан 42 фоизига тенг. ШҲТ мамлакатлари иқтисодиёти эса жаҳон иқтисодиётининг 29 фоизидан кўпроғини ўз ичига олади.
ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш;
- минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш;
- янги демократик, адолатли ва оқилона сиёсий ҳамда иқтисодий халқаро тартибни шакллантиришга кўмаклашиш;
- терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш; наркотик моддалар ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланишига ҳамда трансмиллий жиноятчилик турларига қарши кураш олиб бориш.
Хавфсизликни таъминлаш ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашувлари механизми доирасида ҳамкорликни кенгайтириш учун фаол ҳаракат қилмоқда, бу – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ёшлар ўртасида радикаллашувнинг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш, кибер хавф-хатарларга қарши курашиш ва наркотрафик тармоқларининг йўлини кесишга тааллуқлидир.
Замонавий технологиялардан фойдаланиш, маълумотлар алмашиш ва хавфсизлик соҳасида мутахассисларни биргаликда тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз савдо-иқтисодий соҳада ШҲТнинг савдо ва инвестиция салоҳиятини ҳар томонлама юзага чиқариш учун интилмоқда. Савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни соддалаштириш, божхона тартиб-таомилларини бекор қилиш ва унификация этиш, ШҲТнинг «Бир макон – бир йўл» ташаббусида мужассам бўлган мақсадлар билан ўзаро боғлиқлик ва уйғунликни мустаҳкамлайдиган ШҲТ лойиҳаларига бизнес вакилларини фаол жалб этишни ушбу ишнинг энг муҳим йўналишидир.
Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнесни, инновацион тармоқларни ривожлантириш ва замонавий “яшил” ва рақамли технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қилмоқда. Электрон тижоратни ривожлантириш ва “ақлли” логистика тизимларини яратишга доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда, бу, ўз навбатида, барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашмоқда.
Транспорт-логистика тизимининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш амалий ҳамкорликнинг ўта муҳим йўналишидир. ШҲТ мамлакатлари учун бу нафақат минтақавий ривожланиш масаласи, балки Евроосиё маконида рақобатдошлик ва интеграцияни кучайтиришнинг стратегик имконияти ҳамдир.
Шу маънода, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўл магистралининг барпо этилиши Хитой–Марказий Осиё–Ғарбий Осиё иқтисодий коридорини ривожлантиришга янги туртки беради, Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида юк ташиш маршрутларини анча қисқартириш имкониятини яратади. Лойиҳанинг амалга оширилиши аъзо давлатлар ва ШҲТ шерикларининг транзит салоҳиятини бир неча бор оширишни таъминлайди, Ташкилотнинг бутун макони бўйлаб ўзаро транспорт боғлиқлигини тубдан яхшилашга имкон беради.
ШҲТ мамлакатлари транспорт стратегияларини «Бир макон – бир йўл» ташаббуси ва бошқа минтақалараро лойиҳалар билан интеграциялаштириш ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга кўмаклашади. Бу уйғунлаштирилган логистика тизимини яратиш, юкларни ташиш самарадорлигини ошириш, ШҲТнинг Евроосиёдаги йирик транспорт-логистика маркази сифатидаги ролини кучайтириш имконини вужудга келтиради.
Рақамлаштириш ШҲТ маконида иқтисодий ўсиш ва интеграциянинг истиқболли драйверига айланмоқда. Ягона рақамли макон яратиш, энг яхши амалиётлар билан алмашиш ва рақамли иқтисодиёт, булутли ҳисоблашлар, катта маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ замонавий таҳдидлар ШҲТга аъзо давлатлар фаолиятини янада яқин мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни талаб этмоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига мослашиш, иқтисодиётни корбонлашувдан холи этиш, «тоза» технологияларни жорий қилиш, «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби стратегик йўналишларда шерикликни кенгайтириш учун изчил ҳаракат қилмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубини яшил ҳудудларга айлантириш, «яшил белбоғ» ва жамоат экобоғларини яратиш бўйича ишлар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, нафақат экологик вазиятни яхшилашга кўмаклашади, балки бутун минтақа манфаатларига хизмат қилади.
Аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқатни сақлаш ва ташиш бўйича инфратузилмаларни ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлигининг долзарб йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон ШҲТ доирасида маданий-ҳуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга катта аҳамият бермоқда. Қўшма таълим дастурлари, илм-фан соҳасида академик алмашувлар ва лойиҳаларга, шунингдек, нафақат миллий анъаналарни оммалаштирадиган, балки ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини яратадиган маданий ва спорт тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳам муҳим йўналишдир. ШҲТга аъзо мамлакатлар сифатли ва арзон минтақавий сайёҳлик маҳсулотлари тақчиллигига дуч келишмоқда, бу эса тармоқ ривожини орқага тортмоқда. Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари ва шерикларининг етакчи туроператорлари ва авиакомпаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш учун ҳаракат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ШҲТга хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий тараққиёт ва халқаро нуфузни мустаҳкамлаш учун стратегик платформа сифатида қарайди. ШҲТ — Ўзбекистон учун нафақат ташқи сиёсий майдон, балки миллий манфаатларни амалга ошириш инструментидир.
ШҲТ, ўз навбатида, Ўзбекистонга энг йирик минтақавий бозорга чиқиш имконини беради, глобал таҳдидларга қарши курашда унинг мавқеини мустаҳкамлайди, хавфсизлик, иқтисодиёт ва маданият соҳаларидаги миллий устуворликларни рўёбга чиқаришга кўмаклашади.
Ўзбекистон Шанхай ташкилотининг келажагини иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, «яшил» ташаббусларни илгари суриш, рақамли трансформация, шунингдек, ҳуманитар ва ижтимоий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кўпқиррали ва самарали платформа сифатида кўради.