Ўзбекистон чегарасида икки нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди

Ўзбекистон–Қирғизистон–Қозоғистон чегаралари туташган ҳудудда икки қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 15 август куни Ўзбекистон ҳудудида чегарачилар икки нотаниш кишини тўхтатмоқчи бўлган. Улар буйруққа бўйсунмагач, уларга нисбатан қурол қўлланилган ва натижада иккиси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган.

25 август куни Жалолобод вилояти Чатқол туманининг Айғир-Жал қишлоғидан икки фуқаронинг бедарак йўқолгани ҳақида милицияга мурожаат қилинган эди. 31 август куни марҳумларнинг қариндошлари Ўзбекистонга бориб, уларнинг шахсини тасдиқлашган.

“Бугун “Баймак” чегара пункти орқали жасадлар Қирғизистон томонига топширилди ва Кербен шаҳридаги моргга экспертиза учун юборилди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара идоралари 2 сентябрдан воқеани қўшма тартибда ўрганишга келишиб олган. Ўзбекистон томони марҳумларга тегишли учта от ва битта чодирни ҳам қайтаришга тайёрлигини билдирган.

Чегара хизмати воқеадан чуқур ташвишда эканини маълум қилиб, ҳодиса юзасидан кенг қамровли тергов ўтказилаётганини қўшимча қилган.