Сирдарёда мактаб таъмири учун ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилмоқда

2025–2026 ўқув йили бошланиши олдидан Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 9-мактабдан капиталь таъмирга тушган ва таъмир якунланмагани сабаб аксарият ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Бу ҳақда Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушгани айтилмоқда.

Математика ўқитувчисининг сўзларига кўра, у меҳнат таътилидан 11 август куни ишга қайтган, аммо 31 августга қадар таъмири тугалланмаган мактабда ўқитувчига хос бўлмаган ишларни бажаришга мажбур бўлган.

«Мактаб директори ҳар куни йўқлама қилинишини, келмаганларга иш ҳақи ёзилмаслигини айтгани учун мажбур бўлиб ишга чиққанмиз», – дейди ўқитувчи.

27 августда олинган видеоларда ҳам педагоглар ер чопаётгани ва дарахт оқлаётгани кўринади. Шунингдек, сайт ихтиёрига 9-мактаб директорига тегишли экани айтилган аудио ёзув ҳам юборилган. Унда ўқитувчилар «мактаб ишини тугатиш учун тозалаш ишларига чақирилгани» айтилади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Бандлик вазирлиги барча мактаб ва боғчаларда мажбурий меҳнатга қарши назорат тадбирларини ўтказаётганини маълум қилган, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов эса мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбарлар ишдан олиниши кераклигини таъкидлаган эди.

Kun.uz маълумот беришича, бу ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров йўлланган.