Пекинга расмий ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан музокаралар ўтказди. Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, инвестиция, молия ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
🔹 Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 14 млрд долларга етди. Яқин йилларда бу кўрсаткични 20 млрд долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди. Шу мақсадда қўшма стандартлаштириш ва сертификация марказлари ташкил этиш таклиф қилинди.
🔹 Ҳозирда қўшма лойиҳалар портфели 60 млрд доллардан ошгани қайд этилди.
🔹 Учрашувда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш, маданий марказлар очиш, таълим форумлари ва “Лу Бань устахоналари”ни йўлга қўйиш каби йўналишлар муҳокама қилинди.
🔹 Шунингдек, авиақатновлар сонини кўпайтириш ва туризм алмашинувини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда Президент Мирзиёев Хитой Бош вазирини расмий ташриф билан Ўзбекистонга таклиф этди.