Афғонистонда тўй маросимларига қатъий чекловлар жорий этилди

Афғонистонда “Толибон” муваққат ҳукуматининг олий раҳбари Хайбатуллоҳ Охундзода янги фармон қабул қилди. Унга кўра, анъанавий тўй маросимларининг бир қисми “исломий меъёрларга зид” ва “молиявий оғирлик келтирувчи” деб топилиб, тақиқланди. Бу ҳақида “Amu.tv” хабар тарқатди.

Янги қоидаларга кўра, ҳаддан ташқари қалин пули тўлаш, тўёна сифатида катта маблағ бериш, тўйдан олдинги ва кейинги зиёфатлар, қимматбаҳо совғалар тақдим этиш каби урф-одатлар йўқотилади. Шу билан бирга, фотиҳа тўйидан кейин бир йилда бир мартадан ортиқ совға беришга ҳам йўл қўйилмайди.

Фармонда белгиланган асосий тақиқлар:

  • Фотиҳа ва “пайвазий” базмларини ўтказиш ман этилди.
  • “Дастмол хурий” маросимида совға алмашиш фақат келин-куйов ўртасида бўлади, меҳмонхоналарда бундай тадбирларга рухсат йўқ.
  • Келин фотиҳа тўйидан кейин йилига бир мартадан ортиқ кийим совға сифатида ола олмайди, куёвга эса умуман совға қилинмайди.
  • Тўйлар куёвнинг имкониятларига мос ҳолда, қиммат меҳмонхоналарсиз ташкил этилиши лозим.
  • Давлатга тегишли транспорт воситаларини тўйларда ишлатиш тақиқланди.
  • Куёв келин уйига таом юбормайди, келин оиласи эса ширинликлар учун ҳақ талаб қилмайди.
  • “Бадал” (қиз алмашиш орқали низо ҳал этиш) амалиёти мутлақо ман қилинди.
  • Қиммат совғалар мукофоти сифатида бериладиган танловлар, осмонга ўқ узиш ва хавфли машина ҳайдаш ҳам тақиққа киритилди.
  • Тўйдан кейин пул ёки кийим-кечак кўринишидаги “ронамой” совғаси йўқотилади.
  • “Валвар” ва шу каби келин пули ҳам бекор қилинди.

Фармонда, шунингдек, тўй маросимлари фотиҳа тўйи ва никоҳдан кўп ўтмай, ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказилиши шартлиги қайд этилди.