Тошкентга Хитойдан кўчма подстанциялар келтирилади — энергетика вазири

Аввал хабар берганимиздек, 2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё, заргарлик саноати, жамоат транспортини модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари томонидан энергетика йўналишида кўпроқ биргаликда ишлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Марказий Осиё энергия тизими мисолида қолган ҳудудлар билан ҳам бу ҳамкорликни кенгайтириш таклифлари кўриб чиқилган.

«Энегетика соҳасида ҳозирги кунда Хитой бизнинг энг йирик ҳам инвестицион ҳамкоримиз, ҳам технологик ҳамкоримиздир. Сабаби, нафақат Хитойдан инвестиция кириб келяпти, балки хорижий давлатлардан амалга оширилаётган энергетика йўналишидаги асосий технологик ускуналарнинг деярли барчаси Хитойдан етказилади. Яъни бу ҳозирги кунда Хитойдаги ушбу йўналишда энг замонавий технологиялар бор, дегани», — деди энергетика вазири.

У Хитой билан янги йўналишда — Ўзбекистонда гидроаккумуляцион электр станциялари (ГАЭС) қуриш лойиҳаси бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу литий-ионли батареяли сақлаш тизими бўлиб, гидроэлектр станциялардан чиқарилаётган сувни қайтадан сув омборига йиғиб, бошқа янги қурилма қуриб, уни захира сифатида ишлатиш орқали, керакли пайтда электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини берувчи технологиядир. Шунингдек, томонлар янги тармоқлар қуриш бўйича келишувларга эришди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар электр энергия таъминотини барқарорлаштириш мақсадида Хитойдан кўчма, мобил подстанциялар етказилади, улардан стационар подстанцияларни таъмирлаш пайтида фойдаланилади.

Яна бир йўналиш — China Datang Corporation билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш. Ўзбекистонлик мутахассислар қайта тикланувчи энергия соҳасида ўқитилади.