Сурхондарё вилояти ИИБ Узунда аёл ва чақалоққа нисбатан зўравонлик юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг 5 ойлик чақалоғига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилингани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар вилоят ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган.
Маълум бўлишича, 26 август куни профилактика инспектори мурожаат асосида воқеа жойига борган ва хонадон эгаларининг қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузиб кириб, 1997 йилда туғилган фуқаро Х.Г. ва унинг чақалоғини оғир шароитда мажбурий сақланиб келаётган ҳолда аниқлаган.
Жабрланувчилар тиббий муассасага жойлаштирилиб, соғлиғи вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси томонидан назоратга олиниб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 126¹-моддаси 7-қисми “а”, “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи Ш.А. ва унинг уч нафар қариндоши қамоққа олинди.
Жиноят иши Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан қатъий назоратга олинган, ҳозирда суд-тиббий экспертизалар тайинланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.