5-сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувури орқали газ узатиш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, 5-6 сентабрь кунлари Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қурилган янги қўшимча магистрал газ қувурини тармоққа улаш ишлари олиб борилади.
Мазкур қувур Фарғона водийсининг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида аҳолининг газ таъминотини янада ишончли қилишга хизмат қилади.
Таъмирлаш даврида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва йирик истеъмолчилар таъминотида вақтинча чекловлар жорий этилади. Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида автобензин савдоси кўпайтирилади.
Мутасаддилар аҳолининг кундалик турмушида муаммолар келиб чиқмаслиги учун зарур чоралар кўрилаётганини хабар қилган.