«Давлат чегараси бузилган» — ўзбекистонлик чегарачилар икки қирғизистонликка ўқ узгани асосли деб топилди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки фуқарога қарата ўқ узган ўзбекистонлик чегарачилар хатти-ҳаракатлари асосли деб топилди. Бу ҳақда ДXX Чегара қўшинлари хабар берди.

Жорий йил 15 августда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида икки нафар номаълум шахс ҳаракатланаётгани кузатилган.

Чегара наряди ўз ваколати доирасида уларга тўхташни буюрган, лекин тартиббузарлар қочишга уринган. Шу боис Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо номаълум шахслар чегара нарядининг қонуний талабларига бўйсунмай, Давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттирган. Шундан кейин сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган.

«Натижада улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида бир дона чодир, учта от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахс излари ҳам топилган», дея қайд этган манба.

Ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари хабардор қилинган. 31 август куни қариндошлари Ўзбекистонга келиб танигач, вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани маълум бўлган. Уларнинг жасади қариндошларига топширилган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарларининг ўзаро келишувига асосан, 2-3 сентябрь кунлари ҳодиса жойи ҳамкорликда кўздан кечирилган.

«Ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилгани, Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, шунингдек, учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан ўз тасдиғини топди. Унинг шахсини аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан келишувга эришилди», дейилади манбада.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар икки томон чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда мураккаб тоғли ҳудудларни қўриқлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.