5 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
АҚШ Президенти Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, қўллаб-қувватлади. Президент Мирзиёев эса Трампни халқаро барқарорлик ва хавфсизликка қўшган ҳиссаси учун табриклади.
Мулоқотда хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг АҚШдаги жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этиши муносабати билан Трамп жамоамизга омад тилади.
Суҳбат дўстона ва очиқ руҳда ўтиб, икки мамлакат раҳбарлари мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.