Ўзбекистон – Беларусь: агросаноат соҳасида ҳамкорлик янги босқичда

2 сентябрь куни Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Витебск шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёллари бизнес-форумида иштирок этди. Форум доирасида “Ўзбекистон – Беларусь: агросаноат соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришда экспертлик нигоҳи” мавзусида секция йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувларда қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Беларуснинг юқори технологиялари ва тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Маълумотларга кўра, 2024 йил якунида икки давлат ўртасида агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо айланмаси 234,2 млн долларга етган. 2025 йилнинг январь–май ойларида эса бу кўрсаткич 122,7 млн долларни ташкил этди.

Йиғилиш якунида бир қатор муҳим ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Жумладан,

  • Ўзбекистон Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Беларусь Миллий фанлар академиясининг В.Ф. Купревич номидаги Экспериментал ботаника институти;
  • Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Беларусь Миллий фанлар академиясининг “Зиғир институти” Республика илмий шўъба унитар корхонаси ўртасида меморандумлар имзоланди.

Мазкур келишувлар икки давлат ўртасида агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.