Ўзбекистон – Беларусь: таълим ва тиббиётда янги ҳамкорлик босқичи

2 сентябрь куни Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Витебск шаҳрига ташриф буюрди.


Ташриф доирасида “Ўзбекистон – Беларусь: таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида секция йиғилиши бўлиб ўтди.


Йиғилишда университетлар, илмий марказлар ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этди. Суҳбатларда фан ва технология ривожи, фармацевтика соҳасининг истиқболлари, тиббий кадрлар тайёрлаш, оналар ва болалар саломатлиги масалалари муҳокама қилинди.


Таълим дастурларини интеграция қилиш, тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ва илғор тиббий технологияларни жорий этиш муҳимлигига урғу берилди. Хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрни ва халқаро лойиҳалардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида қатор университет ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланди.

Жумладан:
– ЎзМУ ва Витебск давлат университети;
– Андижон давлат университети ва Гродно давлат университети;
– Фарғона техника университети ва Гомель техника университети;
– Бухоро техника университети ва Беларусь озиқ-овқат ва кимёвий технологиялар университети;
– Термиз муҳандислик-агротехнология университети ва Витебск технология университети.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Беларусь Журналистлар уюшмалари ҳам ўзаро профессионал ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди.