БМТ Афғонистондаги зилзила қурбонларига ёрдамни кўпайтиришга чақирди

БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Том Флетчернинг айтишича, Афғонистондаги зилзиланинг даҳшатли оқибатлари глобал миқёсдаги гуманитар маблағларнинг қисқариши қанчалик хавфли эканини кўрсатди.

Флетчернинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давом этган можаролар ва мажбурий кўчиришлардан азият чеккан юз минглаб аҳолилар уйсиз ва тирикчилик воситаларисиз қолган. Улар орасида яқинда Эрон ва Покистондан қайтган оилалар ҳам бор.

БМТ вакилининг сўзларига кўра, гуманитар харажатларнинг қисқариши миллионлаб одамларни тиббий ёрдам, озиқ-овқат ҳамда узоқ ҳудудлар билан ягона алоқани таъминловчи ҳаво қатновидан маҳрум қилган.

Фожиа юз берган дастлабки соатларда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси зудлик билан вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат, сув, тиббий хизмат ва логистика учун 10 миллион доллар ажратган. Бироқ Флетчер бу маблағ етарли эмаслигини таъкидлаган.

«Агар тез орада қўшимча ресурслар сафарбар этилмаса, азоб-уқубатлар кўлами янада ортади, айниқса қиш яқинлашиб келаётганини инобатга олсак», — дейилади баёнотда. У халқаро ҳамжамиятни афғон халқига ёрдам беришда яна бир бор қўллаб-қувватлашга чақирди.