Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиғилишда таълим, фан ва инновациялар йўналишида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
2026–2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари очилади. Бу мактаблар “Янги Ўзбекистон” университети ва Мирзо Улуғбек номидаги мактаб тажрибаси асосида STEM модели бўйича 5 йиллик дастурда фаолият юритади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Президент соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади.
Табиий фанларни ўқитишни кучайтириш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Тошкентдаги Абу Али ибн Сино мактаби бу йўналишда таянч мактаб сифатида белгиланди.
Педагогика йўналишида ўқиётган ёшларни рағбатлантириш мақсадида илк бор Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси жорий этилади. У бакалавриатнинг 3–4-курслари талабаларига берилади.
Пойтахтда Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ToshTech” техника университети ва Олмалиқ давлат техника институти фаолият бошлайди.
Шунингдек, илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади, фан ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар амалга оширилади.