Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида минорали қурилиш крани ағдарилганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 8 сентябрь куни соат 18.00 ларда Чилонзор тумани Тирсакабод кўчасида олиб борилаётган қурилиш ҳудудида минорали қурилиш кранини ўрнатиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши таъминламаганлиги сабабли кран қулаб тушган.
Натижада ўрнатиш ишларини олиб бораётган ёлланма ишчи — 2000 йилда туғилган Л.A. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ёлланма ишчилар — 2004 йилда туғилган И.Қ. ҳамда 2000 йилда туғилган M.A. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» ва «Б» бандлари («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.