Россия мактаблари мигрант болаларнинг 87 фоизини, асосан, рус тили имтиҳонига кириш учун ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли ўқишга қабул қилишдан бош тортди.
Маълумотларга кўра, жорий йил апрельдан августгача бўлган даврда 23 минг 616 нафар вояга етмаган хорижликларнинг ота-оналари болалари ўқиши учун ариза топширган. Бироқ ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами фақат 8223 нафар бола учун топширилган. Натижада тест синовларида 5940 нафар бола қатнашган, “2964 нафари уни муваффақиятли якунлаган” ёки умумий абитуриентлар сонининг 12,6 фоизини ташкил этган.
Россияда 2025 йил 1 апрельдан бошлаб мактабларга киришда чет эллик болалар учун рус тилидан мажбурий имтиҳон жорий этилди. Ўқишга кириш учун саволларнинг 90 фоизига тўғри жавоб бериш керак. Аниқлик киритилишича, тестлар ҳар бир синфдаги билим даражасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Биринчи синф ўқувчиларининг оғзаки нутқи, тушуниш, асосий лексик ва грамматик кўникмалари синовдан ўтказилади. Иккинчи синфдан бошлаб ўқиш ва ёзиш топшириқларга киритилади.
Шу билан бирга, фарзандларини рус мактабларига бермоқчи бўлган хорижликлардан ҳам бир қатор ҳужжатлар талаб қилинади. Агар ота-онанинг қариндошлиги ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бўлса, болани рўйхатга олиш мумкин.
Бундан ташқари, улар бутун оиланинг Россияда бўлишининг қонунийлиги тўғрисидаги ҳужжатларни, аризачида хавфли юқумли касалликлар йўқлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномани ва уларнинг паспортларини тақдим этиши керак. Барча нусхалар рус тилида бўлиши ёки нотариал тасдиқланган таржимаси билан бирга бўлиши керак. Агар ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, мактаблар аризани кўриб чиқмасдан қайтаради.